Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳамда Uztrade АЖ раҳбарияти кореялик ҳамкорлар билан электрон савдо соҳасини ривожлантириш бўйича келишув ва меморандум имзолади. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати KUN.UZ'га хабар қилган.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига расмий ташрифи доирасида Кореянинг KITA (Корея халқаро савдо ассоциацияси) ҳамда KTNET (Корея миллий электрон савдо платформаси) ташкилотлари билан ушбу келишувга оид ҳужжатлар имзоланган.

Унга кўра, ташқи савдо фаолиятига тааллуқли ягона миллий электрон савдо платформаси яратилади. Янги ишга туширилган tradeuzbekistan.cом веб-сайти орқали экспорт-импорт амалиётидаги жараёнларни айни вақтда бошқариш имконияти бор. Шунингдек, учрашувда нақдсиз савдолар амалга ошириши кўзда тутилган платформа Alibaba, Ebay, Allbiz каби электрон савдо майдончалари миқёсида фаолият олиб бориши муҳокама этилди.

Фото: Ташқи савдо вазирлиги

Шунингдек, Uztrade АЖ Жанубий Кореянинг Suwon компанияси билан ҳамкорликда пойтахт Сеул шаҳрида ўзбек-корейс савдо уйи ҳамда Shоw-room ташкил этиш тўғрисидаги келишувни имзолади.