АҚШнинг Калифорния штатида истиқомат қилувчи Лорен Крайтцер ҳиндуларнинг навахо қабиласи томонидан 1840-йилларда тикилган чойшабни 1,5 млн. долларга сотди. У бу чойшабни бир неча йил давомида «бефойда ҳамда ифлос эски буюм» деб ҳисоблаган.

2005 йилда Крайтцернинг бувиси вафот этгач, у унинг уйига бориб, бир неча китобни олмоқчи бўлган. Бироқ эркакнинг сўзларига кўра, барча нарсалар опаси ва онаси ўртасида бўлиниб олинган.

Крайтцер қолдириб кетилган қоплардан бирида иккита чойшабни топиб олган, уларни бувиси ўзининг онасидан мерос сифатида олган. У опаси билан чойшабларни бўлишиб олди.

Фото: CNBC

Эркак бутун ҳаёти давомида дурадгор бўлиб ишлаган. 2007 йилда эса автомобиль фалокати оқибатида чап оёғидан айрилган. У ўшандан бери ишламаган ҳамда 900 долларлик ногиронлик бўйича нафақага яшаган. 

Крайтцер бир неча йил давомида эски чойшаб ҳақида эсламаган. Бироқ 2011 йилда Antiques Roadshow телешоусига кўзи тушиб қолган, унда баҳоловчи ва галерист Дон Эллис Аризонадан бўлган кекса эркакка навахо қабиласига тегишли чойшаби 500 минг долларга баҳоланиши мумкин эканини айтган.

Фото: Antiques Roadshow

Аввалига қадимий буюмлар билан ишловчилар чойшабга эътибор ҳам беришмаган, бироқ кейинчалик у билан Монровия шаҳридаги John Moran «ким ошди» савдо уйи мутахассислари қизиқиб қолишди. 

Савдолар 2012 йилда ўтказилди: улар 77 сония давом этиб, чойшаб 1,5 млн. долларга сотилди. 

Фото: John Moran Auctioneers

Крайтцер барча солиқлардан сўнг тахминан 1,3 млн. долларнинг эгасига айланди. У маблағларни акциялар ва муниципал облигацияларга йўналтирди, шунингдек, иккита уй сотиб олди.