АҚШ мудофаа вазирлигининг истиқболли тадқиқот лойиҳалари агентлиги (DARPA)  генетик модификация қилинган организмларни “кейинги авлод разведкаси” сифатида қўллашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда

Ғояга кўра, ўсимликлар маълумотларни йиғиб, уларни узатувчи “айғоқчилар” сифатида қўлланади.

Ҳарбийлар режасига атрофдаги шароитлар ўзгариши, жумладан, муҳитнинг кимёвий таркиби тебраниши ёки унда радиоактив зарралар пайдо бўлишига ўзига хос тарзда жавоб берувчи ўсимлик-датчикларни яратиш киради.

Бу ўсимликлар электромагнит тўлқинлар, патоген микроорганизмлар, радиация, кимёвий моддалар ва миналарни аниқлаш учун қўлланади. 

Бундай генетик модификация қилинган организмларнинг таъсирлашувини масофадан туриб кузатиш кўзда тутилган. Мутахассисларнинг айтишича, лойиҳанинг асосий вазифалардан бири янги организмларнинг маҳаллий ўсимликлар билан рақобат шароитида яхши яшовчанлигини таъминлаш ҳисобланади.

Айни вақтда Пентагонда янги технологияларнинг ривожлантирилиши учун жавоб берувчи агентлик APT (Advanced Plant Technologies) деб ном олган ушбу лойиҳа доирасида синтетик биология соҳасида фаолият юритувчи олимлар ўртасида сўров ўтказмоқда.