Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида хатларини жўнатиш харажатларини молиялаштиришни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш тўғрисида” 2006 йил 14 январдаги ПҚ-257-сон қарорига мувофиқ муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида ҳарбий қисмлар томонидан жўнатиладиган хатларини бепул юбориш ҳуқуқига эга эканликлари маълумот учун қабул қилинди.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва резервчилар ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида махсус маркаланган почта конвертлари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқланди.

Белгилаб қўйилишича, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг ҳарбий йиғинларда қатнашиш давридаги оддий хатлари ҳарбий қисмлар томонидан почта алоқаси соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан ўрнатилган тартибда муомалага киритилган белгиланган намунадаги махсус маркаланган почта конвертларида жўнатилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йил 1 январдан бошлаб, ҳар йили келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳарбий қисмларининг муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида жўнатиладиган оддий хатларини махсус маркаланган почта конвертларида жўнатиш харажатларини қоплашни назарда тутади.