Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан автомобиль ва авиация бензинига, дизель ва кема ёнилғисига, реактив двигателлар учун ёнилғига ва мазутга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги умумий техник регламент тасдиқланди.

Ҳужжат "Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда автомобиль ва авиация бензинига, дизель ва кема ёнилғисига, реактив двигателлар учун ёнилғига ва мазутга қўйиладиган ягона талабларни белгилаш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан автомобиль ва авиация бензинига, дизель ва кема ёнилғисига, реактив двигателлар учун ёнилғига ва мазутга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги умумий техник регламент иловага мувофиқ тасдиқланди ва расмий эълон қилинган кунидан бошлаб олти ой ўтгач амалга киритилади.

"Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ техник регламентлар амалга киритилгач, стандартлаштириш бўйича уларда кўрсатилган маҳсулотлар ва хизматларга доир илгари қабул қилинган норматив ҳужжатларнинг мажбурийлик хусусиятини йўқотиши ва белгиланган тартибда қўлланилишида ихтиёрийлик касб этиши маълумот учун қабул қилинди.

"Ўзстандарт" агентлиги ваколатли органлар билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган Умумий техник регламент амалга киритилган кундан бошлаб автомобиль ва авиация бензинини, дизель ва кема ёнилғисини, реактив двигателлар учун ёнилғини ва мазутни стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни қўллашда мажбурийлик хусусиятини бекор қилиш ва ихтиёрийликни таъминлаш юзасидан белгиланган тартибда чора-тадбирлар кўради.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ, "Ўзстандарт" агентлиги Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда тасдиқланган Умумий техник регламентнинг мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳоли, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг кенг хабардор қилинишини таъминлайдилар.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси А.Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ бошқаруви раиси Н.Отажонов ҳамда "Ўзстандарт" агентлигининг бош директори А.Каримов зиммасига юкланди.