Эронлик оғир атлетикачи аёлларга халқаро мусобақаларда иштирок этишга рухсат берилади. Бу ҳақда Эроннинг оғир атлетика федерацияси президенти Али Муродий маълум қилди.

“Биз Эроннинг оғир атлетика федерацияси аёллар қўмитасини ташкил этдик ва бизда истеъдодли аёл спортчилар бор”, деб айтган  Муродий.

“Улар эркаклар каби юқори ишчанликка эгалар ва мен улар яқин келажакда мусулмон спортчи аёллар учун махсус кийимларда халқаро мусобақаларда иштирок эта олишларига умид қиламан. Бу яхши янгилик, айниқса, эркаклар орасида оғир атлетика энг юқори даражада, аёллар орасида эса 0 даражада бўлган Эрон учун жуда муҳимдир”, деб айтди Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) бош директори Аттила Адамфий.  

Шунингдек, Саудия Арабистони оғир атлетика федерациясида ҳам аёллар дастури ташкил этилгани маълум қилинди. Эрон ва Саудия Арабистони оғир атлетика бўйича аёллар мусобақаларида иштирок этмайдиган энг йирик мусулмон давлатлари ҳисобланадилар.   

Умуман олганда, аёллар оғир атлетика бўйича мусобақаларда 1983 йилгача иштирок этиш имкониятига эга бўлмаганлар. IWF қоидалари ўзгартирилгандан кейин, улар 1987 йилдан бошлаб жаҳон чемпионатларида, 2000 йилдан бошлаб эса Олимпия ўйинларида иштирок этишни бошлаганлар.