Ҳозир бутун дунёда шиддат билан ривожланаётган ахборот технологиялари ва интернет афзалликларидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланувчилар пайдо бўляпти. Аҳрор Собировнинг ёши 40 дан ошди. Олий маълумотли бўла туриб, бирон-бир жойда ишламайди. 

Алоқа-ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлинмасининг кўрсатмаларидан:

- Биз Аҳрор Собиров (исм-фамилияси ўзгартирилди)нинг Андижон шаҳар 2-кичик даҳасида жойлашган хонадонига бордик. У электрон техника воситалари ёрдамида ноқонуний равишда халқаро алоқа хизмати кўрсатиш билан шуғулланаётган экан. У хонадонида мини-АТС ташкил қилган. Аҳрор Собиров "GSM-шлюз" қурилмасини ўз ихтиёри билан тақдим этди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча халқаро сўзлашувлар "Ўзбектелеком" акционерлик компанияси тармоғи орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Аҳрор ноқонуний даромад топиш йўлидан бориб, халқаро телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш учун тегишли тартибда лицензияга эга бўлмасдан фаолият юритган. У Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 ноябрдаги 458-сон қарори билан тасдиқланган "Телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тўғрисида"ги Низом талабларини бузган.

Дарвоқе, унга 2004 йилда Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик хатти-ҳаракатларини содир этганлиги учун 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Лекин, ўшанда унга амнистия қўл келди. 

Ўтган йили интернет тармоғи ёрдамида телефонда халқаро сўзлашувларни ташкил қилиш орқали пул ишлаш ҳақидаги рекламаларни кўрди-ю, ҳаловати бузилди. Кўп қаватли уйнинг хонадонида ўтириб, мини-АТС ташкил қилиб фойда олса бўлар экан. Бунинг учун "GSM-шлюз" қурилмаси керак. 

Интернет орқали гаплашиб, 900 АҚШ доллари эвазига 16 та каналли "GSM-шлюз" қурилмасини сотиб олди. Сохта ҳужжатлар эвазига 16 та  уяли алоқа сим-карталарини топди. Шундай қилиб, ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошланган қинғир фаолият 2017 йил 15 мартигача, яъни ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари хонадонга кириб келишгунига қадар давом этди.

Энди эътиборингизни - "GSM-шлюз" қурилмаси нима эканлигига қаратсак. Бу аппарат чет элдаги асосий қурилмалар орқали бошқариб келинади. Ҳозир Россия Федерацияси ҳудудида халқаро телефон қўнғироқларини амалга оширувчи фирмалар мавжуд. Улар арзон тарифлар реклама қилган ҳолда карточкалар сотади. Ана ўша карточкаларни харид қилиб, ундаги кодлар орқали "GSM-шлюз" қурилмаси билан дунёнинг исталган мамлакати билан кириш ва чиқиш қўнғироқларини амалга ошириш мумкин.

Аҳрор Собиров қурилмаси билан ноқонуний равишда халқаро телефон алоқалари ўрнатган. Электрон ҳамён орқали орттирилган пул маблағларини "қора бозор"да миллий валютага алмаштириб келган. “Уддабурон” ноқонуний фаолияти даврида кунига ўртача 7 минг 500 дақиқа (125 соат) абонентлар боғламасини таъминлаган. Эвазига интернетдаги шериги унга ҳар куни 100-116 АҚШ доллари юбориб турган.

Унга 3 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳамда энг кам ойлик иш хақининг 75 баравари миқдорида, яъни 11 миллион 233 минг 125 сўм жарима тайинланди ва уч йил давомида ойлик иш хақининг 25 фоизи даромади давлат ҳисобига ушлаб қолинадиган бўлди. Жазони эса назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган жойда ўтайди.