Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилда Давлат солиқ хизмати ходимлари маошини оширишни режага киритмоқда. Бу ҳақда парламент йиғилишида маълум қилинган.

«Ата Мекен» фракцияси депутати Наталья Никитенко «​нега шифокор ё ўқитувчиларнинг эмас, солиқчиларнинг маоши»​ оширилаётганига қизиқди. Бош вазир Сапар Исаковнинг айтишича, «ўқитувчиларнинг маоши аллақачон оширилган».

«Ижтимоий соҳа вакиллари билан таққослаганда, ўқитувчилар учун жуда яхши шароит яратиб қўйдик. Солиқ тизимида эса ҳақиқий натижага эришиш мақсадида, барча нарсани рақамлар мисолида кўриб чиқмоқдамиз. Юқори маош билан ходимларнинг ишга бўлган иштиёқини кўпайтириш лозим. Солиқчилар айни рақамлаштирилган тизим жорий этилгач ҳеч нарса (пора - таҳр.) талаб қила олмайди», дейди ҳукумат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Исаков бундан аввал 2018 йил учун ВМ прогнозларини эълон қилиб, тез ёрдам шифокорлари ва бошқа ижтимоий соҳа вакиллари учун ойликлар оширилмаслигини маълум қилганди.