Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Сооронбай Жээнбеков бугун 24 ноябрь куни ўз лавозимига киришади. Тантанали инаугурация маросимига 450 нафар меҳмон таклиф этилган. Бироқ улар орасида хорижий давлатлар раҳбарлари бўлмайди, деб хабар қилмоқда РИА Новости президент матбуот хизмати раиси Толгонай Стамалиевага асосланган ҳолда.

Президент сайловлари 15 октябрда бўлиб ўтган эди. Мамлакат раҳбарлигига 11 номзод кураш олиб борди. Сайловчилар иштироки 56 фоизни ташкил этди. МСК Қирғизистон социал-демократик партияси номзоди, собиқ бош вазир Жээнбеков ғалаба қозонганини эълон қилди. У сайловчиларнинг 54 фоиздан ортиқ овозини тўплашга муваффақ бўлди. 

Жээнбеков ўзидан аввалги давлат бошқарувини давом эттиришга ҳамда жамиятда ўрнатилган қоидалар ва ўзаро муносабатларни ўзгартирмасликка ваъда берди. 

Жээнбеков — республиканинг жанубий минтақаси вакили бўлиб, 1958 йил 16 ноябрда Ўш вилоятида 11 фарзандли қишлоқ оиласида дунёга келган. 1983 йили қишлоқ хўжалик институтини "зооинженер" мутахассислиги бўйича тамомлаган. Парламент депутати бўлган, 2010 йили Курманбек Бакиев ағдарилганидан сўнг, муваққат инқилобий маъмурият таркибида Ўш вилоятини бошқарган. 2016 йили ҚСДП ташаббуси билан Жээнбеков мамлакат бош вазирлигига сайланди. 

Қирғизистон қонунчилигига кўра, Жээнбеков бир марталик 6 йил муддатга сайланган. У 2023 йил декабргача президентлик вазифасини бажаради. 

Сайланган президентнинг лавозимига расмий киришиш маросими биринчи марта Бишкекдаги миллий филармония биносида эмас, "Ала-Арча" давлат қароргоҳида бўлиб ўтади.

Янги президент Қирғизистон халқига тантанали қасамёд қилади, шундан сўнг МСК унга президент гувоҳномаси, кўкрак нишони ва штандартни топширади. 

Қайд этилишича, қирғизистонлик заргарлар ушбу маросим учун махсус кўкрак нишони – бир метрга яқин олтин ва кумушдан тайёрланган занжир ясашди. Унда Қирғизистоннинг замонавий тимсоллари ўймакорлик услубида ишланган. Бундан ташқари, занжирга президентнинг исм-шарифи, лавозимига киришган санаси қайд этилади. 

Жээнбеков занжирининг намунаси Атамбоевга берилган занжир билан бир хилдир. Асқар Акаев ва Бакиевларга берилган занжирлар бриллиантлар билан безалган эди. 

МСКнинг маълум қилишича, президентнинг шахсий штандарти ва кўкрак нишони ҳар бир президент учун алоҳида ишлаб чиқилади ва президент вазифасини тарк этганида, уларни ўзи билан олиб кетади. 

Тантанали маросим тугагач, Бишкекда 3 марта артиллерия тўпларидан отилади. 

Умуман, инаугурация маросимига ҳукумат томонидан 8,4 миллион сом (122 минг доллар) маблағ ажратилди. Қайд этилишича, Жээнбековнинг вазифасига киришиш тантанаси Атамбоевнинг инаугурациясидан бирмунча камтарона бўлиб ўтади.