24 ноябрда Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган навбатдаги сессия Экология ва атроф-муҳит муҳофазасига бағишланди. Унда Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш борасида қандай ишлар олиб борилаётганига доир масала кўтарилди, деб хабар қилмоқда KUN.UZ мухбири. Бу борада берилган саволга Олий Мажлис депутати Фарҳоджон Қувватов шундай изоҳ берди. 

Фото: Халқаро Пресс-клуб

“Қайта тикланувчи энергия манбалари хусусида қонун лойиҳаси деярли ниҳоясига етди. Ҳозир келишув жараёнида. Бу йўналишни давлат раҳбари ҳам алоҳида эътиборига олган. Яқиндагина шу соҳага доир қарор қабул қилган. Қонун лойиҳасида дуч келинган қийинчилик шуки, бизда электр энергияси етказиб бериш фақат “Ўзбекэнерго”га юклатилган. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган бўлса, у хоҳ юридик, хоҳ хусусий шахс бўлсин, ортиқча энергияни сотиш имконини уларга бирдек тақдим этишимиз керак. 

Шу нуқтаи назардан президент томонидан қабул қилинган қарор буни амалга оширишга асос бўлиб хизмат қилади. Қарорда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш учун жиҳозлар, ускуналар, булар қуёш панеллари бўладими, биогаз ускуналарими, фарқи йўқ, ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар беришни назарда тутади. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни истаган тадбиркорлар хориждан технологияларни олиб киришда божхона тўловларидан озод қилинган”, - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳоджон Қувватов.