Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс штати раҳбарияти Сиднейнинг иккита бош стадиони – 2000 йилги ёзги Олимпиаданинг асосий спорт тадбирлари ўтказилган ANZ (Эй-эн-зи) ва шаҳар маркази яқинида жойлашган Allianz ("Эллайанз") стадионларини бузиб ташлашга қарор қилди. Бу ҳақда штат бош вазири Глэдис Бережиклян маълум қилган. Унинг айтишича, стадионлар ўрнида замонавий талабларга жавоб берувчи бошқа спорт иншоотлари барпо этилади.

“Биз дунёнинг етакчи спорт клублари ва ижрочилари ўз ўйинлари ва шоулари учун айнан Янги Жанубий Уэльс ареналарини танлашларини истаймиз”, деб айтди Бережиклян. “Бунинг учун эса стадионларимиз замонавий ва томошабинлар учун шинам бўлиши лозим”, деб қўшимча қилган штат раҳбари.

44 минг кишилик Allianz стадиони 1988 йилда ишга туширилган ҳамда кўплаб спорт турлари (футбол, регби, австралияча футбол) бўйича маҳаллий клублар учун уй майдони ҳисобланган. Бу стадион ўрнида янгисининг қурилиши ишлари кейинги йил бошланади ва 3 йил давом этади. Янги стадион ўз бағрига 45 минг кишини сиғдира олади.

Сиднейнинг ғарбий қисмида жойлашган ANZ стадиони эса Олимпиада арафасида 1999 йилда очилган ва ўшанда “Австралия стадиони” деб номланган. Унда энг оммавий спорт турлари бўйича миллий чемпионатларнинг финаллари ўтказиб келинган. Стадион 2019 йилдан демонтаж қилина бошланади. Унинг ўрнида қад ростлайдиган янги спорт иншооти 2022 йилда очилади. Янги стадион 75 минг кишини сиғдира олади. Бузилмоқчи бўлаётган стадион эса ўзига 83 минг кишини сиғдира олган. Бу стадионда 2000 йил 1 октябрда ёзги Олимпиаданинг ёпилиш маросими бўлиб ўтган. Ўшанда майдон умумий ҳисобда 114 714 минг спортчи ва томошабинларни сиғдира олган. Бу эса Олимпиадалар учун мутлақ рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Иккала стадионнинг бузилиши ва янгиларининг қурилиши учун кетадиган харажатлар  1,5 млрд. долларга баҳоланган. Охирги йиллар стадионларга йилига ўртача 3,5 млн. киши ташриф буюрган.