Аёлни она, миллат тарбиячиси, дея эъзозлаймиз. Ҳақиқатан шундай. Оналар бор экан, хонадонлар обод, фарзандлар хушнуд. Лекин аёл зиммасидаги масъулиятни унутса, дуч келган оқимда сузса, адашса, бунинг оқибати нима бўлади? 

ЎзА’нинг ёзишича, ўттиз ёшни қаршилаётган аёл бахтли ҳаёт кечирса, фарзандларининг келажаги ҳақида қайғурса бўларди. Лекин у кўп вақтини "виртуал олам"да ўтказарди. Шундай кунларнинг бирида интернет орқали бир одам билан танишиб қолади. Унинг дин ҳақидаги чиройли гапларига маҳлиё бўлиб аста-секин унинг оламига чуқур кириб бораётганини ўзи сезмай ҳам қолади. 

У зимдан олаётган таълим "Ҳизбут-таҳрир" диний экстремистик оқими ғояларини тарғиб қилувчи "Ислом низоми" эди. Орадан анча вақт ўтиб аёлга "энди оқимимизга аъзолик ҳақида қасам ичишинг ва маслакдошларимизни кўпайтириш учун ҳаракат қилишинг керак" мазмунида буйруқ келади. Онги заҳарланган, оқимнинг таъсирига буткул тушган аёл буни сўзсиз бажаради. 

Ўйланиб қоласан, ислом дини ривожланган, эътиқод эркинлиги таъминланган, диний таълимот олиш учун қонуний манбалар бисёр юртда нега айрим одамлар шундай йўл тутмоқда? 

Аёл ичган қасамини бажариш учун диний ақидапарастлик ғоялар билан йўғрилган «Мусулмонларнинг ислом тузумини татбиқ қилиш олдидаги масъулиятлари» деб бошланувчи 14 дона варақа солинган конвертни олиб йўлга тушди. Яхшиямки у мақсадини асл дин қарор топган масжидда амалга оширмоқчи бўлди. Гулбозор маҳалласида жойлашган жомеъ масжидга намозга йиғилганлар аёл кўтариб келган конвертни дарров имомга етказишди. 

Конвертни очган имом ҳаммасини тушунди. Бу ҳақда тегишли органларга хабар берди. Ички ишлар органлари ва миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида ушбу қилмишни содир этган шахс "Марказ-26" даҳасидаги кўп қаватли уйлардан бирида доимий рўйхатда турган У.Узоқова бўлиб чиқди. 2017 йил 22 ноябрь куни у қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

– Умида маҳалламизга келин бўлиб тушган, – дейди маҳалла раиси Дилфуза Амирбекова. – Лекин ҳозир турмуш ўртоғи ва уч фарзанди билан бошқа жойга кўчиб кетган. Маҳалламизда доимий рўйхатда тургани учун қаерда, қандай яшаётганини суриштириб турардим. Бироқ, бу оила турли жойларда ижарага яшаб, манзилини тез-тез ўзгартирган. Бу ерда яшаганида у бирорта ножўя иш қилмаганди. Қонуний рўйхатда турган жойида яшамай, турли муҳитларга тушгани ҳам унинг адашишига сабаб бўлган. 

Кўриниб турибдики, аёл рўйхатдан ўтмай, вақтинча яшаган жойларида унинг ҳаёт тарзи билан ҳеч ким қизиқмаган. Акс ҳолда у ишсиз бўлмасди, унинг қизиқишларидан кимдир, айниқса, маҳалла хабар топган ва уни тўғри йўлга солган бўларди.