АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали суҳбатдан олдин твиттерда АҚШ қўшинларининг Яқин Шарқда бўлиши хато ҳисобланишини, боз устига АҚШ минтақадаги ҳарбий операцияларга 6 трлн. долларга яқин маблағ сарфлаганини ёзган. 

“Мен Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан менга бундай бетартиблик мерос бўлиб қолган Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш ҳақида гаплашаман. Мен бунинг учун қўлимдан келган ишни қиламан, бироқ агар йўқотилган ҳаётлар ва долларлар ҳисобланса, бизнинг у ердаги аралашувимиз бошидан хато бўлган”, деб ёзган Трамп. 

Кейинроқ Reuters ахборот агентлиги Трамп Эрдўған билан унинг Сочига ташрифи, икки томонлама муносабатлар ва Суриядаги охирги воқеаларни муҳокама қилганини маълум қилган. 

8 ноябрда The Wall Street Journal нашри АҚШ 2001 йилдан то шу кунгача Афғонистон, Ироқ, Сурия ва Покистондаги урушларга 5,6 трлн доллар сарфлаганини маълум қилганди. Таъкидлаб ўтилганидек, бу қиймат Пентагон дастлаб режалаштиргандан 3 марта кўпроқни ташкил қилади.  

23 ноябрда шу нашрнинг ўзи АҚШ Сурияда ИШИД тўлиқ яксон қилингандан кейин ҳам у ерда расмий Дамашққа бўйсунмайдиган янги ҳокимият яратиш мақсадида қолмоқчилигини маълум қилган.