АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон мулоқотида PKK террорчи ташкилотининг Суриядаги қаноти бўлган YPG'га қурол-яроғ етказишни тўхтатиши ҳақида маълум қилди. "Анадолу" агентлиги Туркия ТИВ раҳбари Мавлут Човушўғли берган баёнотга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

"Трамп генералларга бундан буён YPG'га қурол-яроғ етказиб берилмаслик борасида аниқ кўрсатма берган. Оқ уй раҳбари бундай аҳмоқгарчиликка чек қўйиш масаласи борасида аниқ фикр билдирди", - деди турк вазири. У Туркия раҳбарияти Дональд Трампнинг сўзларидан қониқиш ҳосил қилганини қўшимча қилди. 

Туркия президенти Тоййиб Эрдўған америкалик ҳамкасби Дональд Трамп билан телефон мулоқоти давомида Сочида бўлиб ўтган Сурия масалаларига бағишланган уч томонлама Россия-Туркия-Эрон саммити якунларини муҳокама қилди. 

Бундан аввал Эрдўған Суриядаги ҳарбий иштирокни оширгани учун АҚШдан норози бўлганди ва яқин кунларда Трамп билан телефон мулоқотида шуларни муҳокама қилмоқчи эканини билдирган эди. 

Таъкидланишича, томонлар Суриядаги вазият, минтақавий муаммолар ва икки томонлама алоқаларни муҳокама қилишган.