Туркия Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатлар давомида ИШИДнинг 4 мингдан кўпроқ жангарисини йўқ қилган. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазирлиги Мавлуд Човушўғлу маълум қилди.  

“Бу уруш бошлангандан бери миллиондан кўпроқ одамни ўлдирган Башар Асад тузумини танқид қилиб келамиз... Бироқ биз ихтилофнинг бирор-бир ечимига қарши чиқмаганмиз, аксинча уни қўллаб-қувватлаганмиз”, деб айтди Човушўғлу Римда журналистларга. Човушўғлу бу ерда Италия-Туркия иқтисодий форумида иштирок этган.

У Туркия “Сурия дўстлари гуруҳи” ва ИШИДга қарши курашувчи халқаро коалиция аъзоси эканлигини эслатиб ўтди.

“ИШИД жангариларини Туркиядан кўра ҳеч ким кўпроқ йўқ қилмаган: Сурия ва Ироқда 4 мингдан кўпроқ жангари йўқ қилинган. Бундан ташқари, хориждаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган 5 минг жангари Туркиядан чиқариб юборилган, 3 минг террорчи қамалган”, деб таъкидлаб ўтган Туркия ташқи ишлар вазири.  

Унинг айтишича, Анқара узоқ вақтдан бери Суриядаги мухолиф гуруҳларни Женевадаги Сурияаро музокараларда иштирок этишга ундамоқда, бироқ бу жараён Суриянинг тайёрмаслиги сабаб натижа келтирмаяпти.

“Женевада улар ўзаро келишиб олишлари лозим”, деб қўшимча қилди Човушўғлу.