Турк мухолифатчиси Фатҳуллоҳ Гуленнинг ташкилоти (FETO) аъзолари ишини кўриб чиқаётган Анқара жиноий суди Туркия адлия вазирлигига FETO раҳбариятининг 45 вакилининг 22та давлатдан экстрадиция қилиниши бўйича сўровлар тайёрлаш талаби билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги хабар бермоқда

Энг кўп сўровлар (15та, жумладан Гуленнинг экстрадицияси бўйича) АҚШ ҳукуматига йўлланади. Анқаранинг FETO тарафдорлари экстрадиция қилиниши керак бўлган давлатлар рўйхатида Буюк Британия, Германия, Бельгия, Норвегия, Нидерландия, Мальта, Албания, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Исроил, Камбожа, Таиланд, БАА, Мадагаскар, Мозамбик, Того, ЖАР, Миср ва Буркина-Фасо давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам бор. 3 нафар гумонланувчининг экстрадицияси бўйича сўровлар бир неча давлатга йўлланади.

Шунингдек, Анқара Қозоғистондан FETO етакчиларидан бири, “Имом Болқон” номи билан маълум бўлган Мустафо Ўзжаннинг, Норвегиядан “имом FETO” –  Сулаймон Уйсалнинг, Нидерландиядан Нажот Башараннинг, ЖАРдан FETO’нинг маслаҳатлашув қўмитаси аъзоси Нажи Тўсуннинг экстрадиция қилинишларини талаб қилмоқда. 

FETO 2016 йил 16 июлига ўтар кечаси Туркияда содир этилган давлат тўнтарувига уринишни ташкиллаштиришда Туркия ҳукумати томонидан айблаб келинади.