Зимбабвенинг собиқ вице-президенти Эммерсон Мнангагва қасамёд қабул қилди ва расман мамлакатнинг янги президентига айланди. Бу ҳақда AFP хабар тарқатмоқда.

У мамлакатни 2018 йил августида сайловлар ўтказилгунгача бошқаради. 

75 ёшли Мнангагва ноябрь бошида Роберт Мугабе томонидан вице-президент лавозимидан четлатилганди. Мугабе ҳокимиятни ўз рафиқаси Грейс Мугабега қолдирмоқчи бўлгани учун шундай қарор қабул қилганди. Грейс Мугабе ҳам ҳарбийлар ва аҳоли орасида катта обрўга эга бўлган Мнангагвани бу борада ўзига рақиб деб билган ва уни заҳарламоқчи бўлганди.

15 ноябрь куни ҳарбийлар, хусусан бош қўмондон Чивенга Мнангагвани қўллаб- қувватлаб чиқди ва пойтахтни танклар билан эгаллаб, диктаторни ҳокимиятдан четлатди.

21 ноябрь куни Зимбабве парламенти 37 йил давомида мамлакатга раҳбарлик қилган Роберт Мугабенинг импичменти ҳақида маълум қилганди.