24 ноябрь кечки вақт Грузиянинг Батуми шаҳрида жойлашган “Лео гранд” меҳмонхонасида чиққан ёнғин оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, 21 киши жароҳат олди.

Маълум қилинишича, ёнғин меҳмонхонанинг спа-марказида чиққан. Айни вақт жасадлар шахсини ўрнатиш ишлари кетмоқда.

Ёнғин маҳсулотларидан заҳарланганлар ва жароҳатланганлар шифохоналарга етказилганлар. Улардан 3 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилгач чиқариб юборилган, қолган 18 нафари даволанишда қолмоқда. 

Маълум қилиинишича, жабрланганлар орасида Туркиянинг 5 нафар ва Исроилнинг бир нафар фуқароси бор. Меҳмонхонадан 100 дан ортиқ одам эвакуация қилинган.

Ёнғин вақтида меҳмонхонада “Мисс Грузия” танлови иштирокчилари ҳам бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, улардан ҳеч ким жабрланмаган.

Грузия ички ишлар вазири Георгий Гахарияннинг айтишича, меҳмонхонада ёнғин хавфсизлиги меъёрлари бузилиш ҳолатлари мавжудлиги, захира зинаси бўлмагани аниқланган.

Грузия бош вазири Георгий Квирикашвили фожиада айбдор бўлган барчани жазолашга ваъда берди.

Ўз навбатида, Грузия президенти Георгий Маргвелашвили ҳалок бўлганлар оиласига ҳамдардлик билдирди. Президент ёнғиннинг ўчирилиши ва одамларни қутқаришда иштирок этган барчага миннатдорлик билдирган.

Воқеа жойида тергов ишлари олиб борилмоқда.