Сальвадорлик боксчи Франциско Руис ҳамюрти Рикардо Кортес билан ўтказилган жанг давомида олган жароҳати туфайли ҳаётдан кўз юмди, деб хабар бермоқда Boxing Scene.

Таъкидланишича, Руис жангнинг саккизинчи раундида рингга йиқилган ва нокаут туфайли боши билан ёмон тушган, шундан сўнг ҳушидан кетган. Спортчининг бош миясида жарроҳлик амалиёти ўтказилди, бироқ тикланиш учун имконият деярли бўлмагани айтилмоқда.

Сальвадорликнинг қариндошлари Руисни ҳаётни ушлаб туриш қурилмаларидан ечиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилишган.

Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) спортчининг дафн маросими бўйича барча харажатларни ўз бўйнига олди.