Янги iPhone X смартфонларида яна бир муаммо аниқланди: телефон экрани босилганда чиқиллаган овоз чиқмоқда.  

Ушбу муаммо баён қилинган видео YouTube’да iAppleGeek ники остидаги фойдаланувчи томондан жойлаштирган. Видеода қурилманинг пастки қисмига босилганда, ғалати товуш чиқаётганини эшитиш мумкин. Фойдаланувчининг фикрича, бу муаммо экраннинг корпусга яхши ёпишмагани билан боғлиқ. Бошқа фойдаланувчиларнинг айтишича, улар аввалги  iPhone’ларда ҳам бу муаммога дуч келганлар. Гап шундаки, экранни корпусга маҳкамловчи елим вақт ўтиши билан қуришиши мумкин. Айнан шу камчилик экранга босилганда чиқиллаш овозининг сабаби ҳисобланади.

Фойдаланувчилар видеони жойлаштирган фойдаланувчига кафолат хизматига мурожаат қилиш ёки қурилмасини янгисига ўзгартиришни тавсия қилишган.

Бундан аввалроқ ҳам энг янги смартфонда бир қатор муаммолар кузатилганди. Жумладан, экраннинг турли томонларида юқорисидан пастигача чўзилган яшил чизиқ пайдо бўла бошлаган, экран сенсори совуқ ҳавода ишламай қолган, юзни таниш тизими FaceID баъзи ҳолларда нотўғри ишлаган.