Футбол бўйича Аргентина терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Диего Марадонанинг манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат Матиас Морла мижози ўзининг қизларидан бири ҳибсга олинишини хоҳлаётгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда UOL хабар бермоқда.

Октябрь ойида Марадона ўзининг икки қизи Далма ва Жаниннани судга бермоқчи экани ҳақидаги маълумот пайдо бўлганди. Улар гўёки унинг банк ҳисоб рақамларидан тахминан 1,61 млн. евро ўғирлашиб, пулларни Уругвай банкига ўтказиб юборишган. Диегонинг фикрича, қизларининг хатти-ҳаракати ортида собиқ рафиқаси – Клаудия Вильяфане турган бўлиши мумкин.

2015 йилда Диего собиқ рафиқасини ўз банк ҳисоб рақамидан тахминан 7,5 млн. еврони ўғирлаганликда айблаганди.

«Уругвайда бизда Жанинна банк ҳисоб рақамлари билан амалиётлар ўтказгани бўйича аниқ далиллар пайдо бўлди. Биз унинг ҳибсга олинишини хоҳламоқдамиз», - дея хабар берган адвокат.

Спортчининг қизи Жанинна эса эҳтимолий ҳибсга олиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга твиттердаги саҳифасида изоҳ берди: «Мен унинг энг ёмон нарсаларини кечирганман, ҳамда бугун ҳам шуни қиламан. Бизнинг ўртамизда катта масофа бор, бироқ мен унга меҳримни йўллайман ҳамда ундан миннатдор эканлигимни айтмоқчиман, сабаби унинг ёрдами билан ҳаётда ўз ўрнимни топдим».