«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси каталонияликлар билан амалдаги шартномани узайтирди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, янги битим 2020/21 йилги мавсум сўнгига қадар амалда бўлади. Мессининг «Барселона» билан амалдаги шартномаси 2018 йилга қадар мўлжалланганди.

Жума куни 30 ёшли футболчи ўз фаолиятида 4-марта ўтган мавсумнинг энг яхши тўпурарига топшириладиган «Олтин бутса»ни қўлга киритган эди.

Месси 13 ёшидан буён «Барселона» тизимида ўйнамоқда. У жамоанинг асосий таркибида 2004 йил 16 октябрь куни, «Эспаньол»га қарши ўйинда дебют қилган эди. Илк голини эса 2005 йил 1 май куни «Альбасете»га қарши ўйинда урди. 

Футболчи «Барселона» билан 8 марта Испания чемпиони бўлган, 5 марта мамлакат кубогини қўлга киритган, 4 марта Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган. У йилнинг энг яхши футболчисига топшириладиган «Олтин тўп»нинг 5 карра соҳибидир.

Аргентина терма жамоаси таркибида Месси Пекинда ўтган 2008 йилги Олимпиада ўйинлари ғолиби бўлган. У уч марта жаҳон чемпионатларида иштирок этиб, Бразилияда ўтказилган 2014 йилги мусобақада финалгача етиб борган. Унда Месси мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топилган.

Бундан ташқари, Месси уч марта Америка кубогида (2007, 2015, 2016) кумуш медалларни қўлга киритган.

Лео ўз фаолияти давомида 848 ўйинда майдонга тушиб, 668та гол урган. Жумладан, Аргентина терма жамоаси таркибида рақиблар дарвозасини 61 марта ишғол этган.