Сарвар Ферузнинг яқин дўсти эди. Ёзги таътилда Сарвар дўстининг уйига тез-тез келиб турар эди. Дўстини оила аъзосидек қабул қилган Феруз унинг ушбу жиноятга қўл уришини хаёлига ҳам келтирмаган, деб ёзмоқда ЎзА.

Жорий йил август ойининг охирларида Сарвар Ферузнинг уйида  ота-онаси йўқлигидан фойдаланиб, унинг онаси Насиба Бурҳоновага тегишли 28 миллион 200 минг сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлайди. Кейинги кун эса ушбу тилла тақинчоқларни бошқа шахсларга 4 миллион 600 минг сўмга сотиб, пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Жабрланувчи Н.Бурҳонова 2 сентябрь куни хизмат сафаридан қайтади. Ётоқхонасидаги жавон устида турган қутида тилла тақинчоқлар йўқлигини билгач, оила аъзоларидан бу ҳақда сўрайди. Йўқолган тақинчоқларни топишнинг имкони бўлмагач, у ушбу ҳолат бўйича ички ишлар идораларига хабар беради. Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида мазкур жиноятни ўғлининг дўсти Сарвар Солиев содир этгани аниқланди.

Тошкент молия-иқтисод касб-ҳунар коллежида Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди томонидан мазкур жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқди. Ҳозирда Н.Бурҳоновага етказилган зарар умуман қопланмаганлиги маълум бўлди.

Сарвар Солиев 1992 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети тўртинчи курс талабаси. Сайёр суд жараёнида айбланувчи қилган жиноятига иқрор бўлди. Хатти-ҳаракатларини тушуниб етганлигини, бошқа бундай ишга қўл урмаслигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўради.

Судланувчи С.Солиевнинг айби унинг ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатмасидан ташқари, дастлабки тушунтириш хатлари, кўздан кечириш, сўроқ қилиш, юзлаштириш баённомалари, фотожадвал ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топди.

Суд жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги, айбланувчининг ёшини, айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланишини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаб, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси тегишли банди билан Сарварга 3 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

С.Солиев зиммасига жазони ўташ даврида етказилган моддий зарарни қоплаш мажбурияти юклатилди.