Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг фикрича, Озарбойжонда олинадиган газ Европанинг энергетик харитасини сезиларли ўзгартиради.  

Алиевнинг матбуот хизмати маълум қилишича, Алиев бундай фикрни Брюсселда ўтаётган “Шарқий шериклик” саммити ялпи сессиясида айтиб ўтди. 

“Энергетика сиёсати биз Европа институтлари билан ҳамкорлик қилаётган масалалар қаторига киради. “Жанубий газ йўлаги” лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу лойиҳанинг қиймати 40 млрд. доллардан ошади. У бизга қўшимча газ олишга ва уни Европа бозорига етказишга имкон беради”, деб айтган Алиев.

“3500 км лик газ қувури янги йўналиш бўлади ва Европа бозорига янги манбадан газ етказиб беради. Озарбойжондаги конларда олинадиган газ Европа учун янги газ манбаига айланади ва сўзсиз, Европанинг энергетик харитасини сезиларли ўзгартиради”, деб қўшимча қилган Алиев. 

Алиевнинг эслатиб ўтишича, Озарбойжоннинг тасдиқланган газ захиралари 2,6 трлн. куб метрни ташкил қилади ва бу миқдор бир неча ўнлаб йиллар давомида Европани газ билан таъминлашга етарлилик қилади.