АҚШнинг собиқ президенти тўнғич Жорж Буш мамлакат тарихидаги энг узоқ умр кўрувчи собиқ давлат раҳбари сифатида эътироф этилди. Washington Times шу ҳақида хабар берди.

Якшанба куни собиқ Америка раҳбарининг ёши 93 йилу 167 кунни ташкил қилди ва бу аввалги рекордчи, АҚШнинг 38-президенти Жеральд Форддан икки кунга кўп демакдир. 1974-1977 йилларда мамлакатни бошқарган сиёсатчи 2006 йилнинг 26 декабрида, 93 ёшу 165 кунлигида ҳаётдан кўз юмган. 

Жорж Герберт Уокер Буш 1924 йилнинг 12 июнида Массачусетс штатининг Милтон шаҳарчасида дунёга келган. У 1989-1993 йилларда АҚШ президенти бўлган. 2006 йилда, АҚШнинг 38-президенти Жерри Форддан кейин тўнғич Буш ҳозирда ҳаёт бўлган АҚШ президентларининг энг кексаси бўлиб қолди. У ҳозирда ҳаёт бўлган АҚШнинг 39-президенти Жимми Картердан тўрт ойлик катта.