Биткоин курси тарихда илк марта 9000 доллардан ошди. Шу тариқа, криптовалюта 10 минг долларлик қийматга жадал яқинлашмоқда. Аввалроқ биткоин курси 10 минг долларга етиши жиддий синов деб аталганди.

26 ноябрдаги савдолар вақтида биткоин курси 9043 долларга етди. Савдолар очилиши вақтида унинг курси 8763 доллар бўлган ва шу тариқа 280 долларга қимматлашган.

Бироқ биткоин рекорд натижа қайд қилгач, 8932 долларгача тушиб кетган ҳамда охир натижада 8965 доллар қийматида тўхтаган. Шу ўсиш ҳисобига биткоиннинг капиталлашуви 149 миллиард долларга етди.

Ўтган ҳафтада биткоин курси 8 минг доллардан ошганди.

Баъзи прогнозларга кўра, биткоин курси йил охиригача 10 минг долларгача етиши мумкин.

Ноябрь бошида биткоин курси деярли 30 фоизга пастлаб, 5605 долларгача арзонлашганди. Бу ҳолат сармоячилар биткоиндан ажралиб чиққан биткоин-кеш криптовалютасига эътибор қаратишгани билан боғлиқ бўлган.