Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулдаги чиқиши вақтида агар унинг маблағлари хориждаги ҳисоб рақамларда эканлигини Туркиянинг асосий мухолиф партияси – Халқ-республикаси партияси (ХРП) исботлай олса, истеъфога кетишга тайёрлигини айтди. 

“Агар сиз менинг пулларим хориждаги бирор-бир банкка қўйилганини тасдиқлай олсангиз, мен президент лавозимидан истеъфога чиқаман”, деб айтган Эрдўған. 

21 ноябрда ХРП раҳбари Камол Қиличдорўғлу парламентдаги чиқиши вақтида Эрдўғаннинг қариндошлари ва яқин сафдошлари офшорлардаги компанияга миллионлаб долларлар киритишганини айтган. Қиличдорўғлу таъкидлагандек, бу компаниянинг дастлабки капитали 1 фунт стерлинг бўлган, сўнгра унга миллионлаб доллар сармоя қилинган. Мухолифатчи, шунингдек, Туркиядаги ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси депутатлари Туркия бош вазири Бинали Йилдирим ўғилларининг офшор компанияларга алоқадорликлари бўйича ишнинг тафтиш қилинишини тўсишганини танқид қилган. У бу ҳоат бўйича тушунтиришлар кутиб қолишини айтган.     

Кейинроқ Эрдўған Қиличдорўғлудан 1,5 млн турк лираси (380 минг доллар) миқдорида товон пули ундирилишини сўраб судга даъво аризаси топширган. Президент адвокатлари Қиличдорўғлу Эрдўғанга зиён етказгани ва товон пули тўлаши кераклигини таъкидлашганди.