Европа банклари Буюк Британиядаги 350 миллиард евро миқдоридаги активларини олиб чиқди. Бирлашган қиролликнинг ЕИ таркибидан чиқиш бўйича референдум ўтказилганидан сўнг, 2016 йил июнидан 2017 йил июнигача олиб чиқилган маблағлар шунчани ташкил этган, деб ёзмоқда Financial Times нашри ЕИ расмий статистикасига таянган ҳолда. 

ЕИ мамлакатлари банкларининг Британияда жойлаштирган активлари бир йилда 17 фоизга қисқариб, 1,94 триллиондан 1,59 триллион еврогача камайган. Молиявий мажбуриятлар миқдори ҳам 1,67 трлн евродан 1,34 триллион еврогача пасайган. 

Мутахассислар активларнинг олиб чиқилишини Brexit туфайли капиталдан ажралиб қолиш эҳтимоли билан боғлашмоқда. Бу тенденция эса, Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан батамом чиқадиган 2019 йилгача давом этади. 

Европа банк ташкилоти томонидан ўтказилган сўров натижасига кўра, Европа молиявий муассасаларининг 1/3 қисми ҳуқуқий меъёрларнинг ўзгариши эҳтимоли билан боғлиқ ноаниқликларни асосий сабаб сифатида кўрсатган. Қироллик ЕИ таркибидан янги келишувсиз чиқса, кутилаётган ноаниқлик рўй беради.