Франциянинг “Лилль” футбол клубига бир вақтнинг ўзида 4 киши: Фернандо Да Круз, Жоао Сакраменто, Бенуа Делаваль ва Франк Манто мураббийлик қилади. Бу ҳақда клуб сайтида маълум қилинди.

Клуб раҳбарияти амалдаги мураббий Марсело Бьелсани ўз лавозимидан четлатгандан кейин шундай қарорни қабул қилди. Аргентиналик мутахассис касал дўстини кўргани раҳбариятдан рухсат олмай Чилига боргани учун шу тариқа жазоланган.

Клуб жорий мавсумда Лига 1’да 12 очко билан 19-ўринни эгалламоқда. Ҳозирда клуб ҳисобида 3 ғалаба, 3 дуранг ва 7 мағлубият бор.

Бьелса жамоага 2017 йил ёзида мураббий этиб тайинланганди. Бунгача у “Марсель”да ишлаган ва ундан 2015 йил августида кетганди. Бьелса 1998 йилдан 2004 йилгача Аргентина терма жамоасига мураббийлик қилган.