Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги темир йўл ўтиш жойида “Газель” микроавтобуси ва тепловоз тўқнашиши оқибатида 9 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда 26 ноябрда Жанаўзен шаҳри прокуратурасига иқтибос келтирган ҳолда lada.kz портали маълум қилди

“Прокуратура томондан йўл-транспорт ҳодисасида 36 киши жабрлангани ўрнатилди. Улардан 9 нафари ҳалок бўлган, 27 нафари шифохонага олиб борилган. 8 киши оғир аҳволда бўлиб, жонлантириш бўлимида қолмоқда. Улар орасида 3 бола бор”, деб маълум қилинган хабарда.  

ЙТҲ 25 ноябрда юз берган. Жанаўзендан Тенге қишлоғига йўналаётган “Газель” микроавтобуси темир йўл ўтиш жойида тепловоз билан тўқнашиб кетган. Маълум қилинишича, тепловоз машинисти 60 км/соат тезлик билан ҳаракатланаётганда темир йўл изида турган машинани кўриб, фавқулодда тормозлашни амалга оширган. Бироқ тўқнашувдан қочишнинг иложи бўлмаган.  

Таъкидланишича, темир йўл ўтиш жойидаги сигнализация қурилмаси соз ҳолатда бўлган. Ушбу ЙТҲ юзасидан Қозоғистон жиноят кодексининг “Транспорт воситаларини бошқараётганлар томондан йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши” моддаси бўйича тергов бошланган.