Зимбабвенинг собиқ президенти Роберт Мугабе қишлоқда янги ҳаёт бошлаб, фермерлик билан шуғулланмоқчи.  Бу ҳақда “Франс Пресс” ахборот агентлигига собиқ президентнинг қариндоши Лео Мугабе маълум қилди.

“У билан ҳаммаси жойида. Мен у билан кўришдим, у анча қувноқ. У янги ҳаётни, кишлоқ хўжалиги билан шуғулланишни ва қишлоқдаги уйда яшашни интиқлик билан кутмоқда”, деб айтган Лео Мугабе. 

Унинг айтишича, Мугабенинг рафиқаси Грейс у билан бирга. Грейс Мугабе турмуш ўртоғи номидаги университетни қуриш режаси устидаги ишларни давом эттирмоқчи. Лео Мугабе Зимбабве ҳукумати собиқ президент билан унинг истеъфосидан кейин унга 10 млн. доллар тўлаб бериш ҳақида келишув тузгани ҳақидаги ахборотга изоҳ беришни истамади. 

Аввалроқ ОАВда Мугабе гўёки президентлик лавозимидан кетиши бўйича келишув имзолагани маълум қилинганди. Келишувга кўра, Мугабе ва унинг рафиқасига ҳуқуқий дахлсизлик ва 10 млн доллар берилиши ҳамда ойига 150 минг долларлик пенсия тайинланиши кўзда тутилган.