Бир йил аввал Fastbrick Robotics компанияси ўзининг янги ғишт тахловчи роботи Hadrian X ҳақидаги видеосини намойиш қилганди. Роботнинг ишлаш тамойили 3D-принтерни ёдга солади, фақат робот махсус босмадан чиқарувчи аралашма ўрнига ғиштлардан фойдаланади ва уларни олдиндан белгиланган дастур асосида теради. Робот анча муваффақиятли фаолият юритди ҳамда ўтган йили компанияга салмоқли маблағ киритган буюртмачилар ва сармоячилар эътиборини жалб қилишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, компания ўз акцияларини биржага қўйиб, 35 миллион долларга яқин пул тўплашнинг уддасидан чиқди. 

Ҳар бири 0,19 долларлик жами 184 210 526 акция жойланди. Ҳозир акциялар нархи ошмоқда ва энди уларнинг нархи 0,215 долларни ташкил қилмоқда. Компания ўз муваффақиятидан мамнун, роботни эса йирик компаниялар билан ҳамкорлик қилиб, барча фронтлар бўйлаб илгари суришда давом этишмоқда. Сотувлар борасида Caterpillar кўмак бермоқда. Бундан ташқари, компания Fastbrick'га 2 миллион доллар киритди ва келгусида яна 6 миллион доллар йўналтиришга ваъда берди.  

Ғишт тахловчи робот шу қадар самарали бўлиб чиқдики, ундан Саудия Арабистонида уйлар қуришда фойдаланишмоқчи. Қироллик ҳукумати ва компания вакиллари ўртасидаги дастлабки келишувларга мувофиқ, 2022 йилга бориб Hadrian X роботлари камида 50 минг янги уй қуриши мумкин.

Ҳозир, компания маблағга эга бўлган бир пайтда ишлаб чиқарувчилар мавжуд прототиплар синовлари ва такомиллаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратишмоқда. Манбага кўра, роботлар сотуви 2019 йилда бошланиб, бир робот баҳоси 2 миллион доллар этиб белгиланган. Hadrian X'га инсон ёрдамининг деярли кераги йўқ. У соатига 1000 ғиштни тахлаб, куну тун ишлай олади. Бу эса икки кишилик бригаданинг кундалик нормасини ташкил қилади.