Бугун Россиянинг Белоярский шаҳрида ўтаётган бокс бўйича «Нефтга эга мамлакатлар кубоги»нинг ярим финал беллашувлари якунланди.

52 кг вазн тоифасида Ўзбекистон байроғи остида рингга чиқиб келаётган Ҳасанбой Дўсматов россиялик боксчи Артур Ложниковга қарши жанг олиб борди ва ўз устунлигида ўтган қарама-қаршиликда Ҳасанбой ҳакамлар хулосасига кўра ғалабага эришди.

64 кг вазн тоифасида рингга чиқиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган Иқболжон Холдоров финал учун кечган жангда мезбонлар боксчиси Алис Шарифовга қарши рингга чиқди. Тенг курашлар ўтган баслашувда россиялик боксчи спортчимизнинг кескин қаршилига дуч келди ва пировард натижада Иқболжон ярим фаинал жанг ғолиби бўлди.

75 кг вазнда рақибларини бирин-кетин ютиб келаётган юртдошимиз Исроил Мадримов ярим финал жангида беларуслик Владислав Савостяновга қарши рингга кўтарилди. Тажрибали боксчимиз жанг якунида ҳакамларнинг бир овоздан қабул қилинган қарорига кўра ғолиб деб топилди.

–91 кг вазн тоифасидаги боксчилар ўртасида ўтган ярим финал жангида рингга чиққан боксчимиз Санжар Турсунов беларуслик Сергей Корнев билан куч синашди ва ўзигача рингда ғолиб бўлиб, финал йўлланмасини нақд қилган вакилларимизнинг муваффақиятини давом эттирди.

Шундай қилиб, эртага 26 ноябрь куни бўлиб ўтадиган финал жангларида Ҳасанбой Дўсматов (52 кг), Иқболжон Холдоров (64), Исроил Мадримов (75 кг) ва Санжар Турсунов (–91 кг) Ўзбекистон номидан рингга кўтарилишади.