Россиялик ўта оғир вазн тоифасидаги боксчи Александр Устинов WBA версиясига кўра мунтазам чемпион унвонини қўлга кирита олмади. Устинов Германиянинг Оберхаузенида ўтган 12-раундлик жангда германиялик Мануэл Чаррга очколар бўйича мағлуб бўлди.

Уч ҳакам ҳам бир овоздан ғалабани Чаррга топширди: 115:111, 116:111, 115:112.

Даставвал чемпионлик камари учун америкалик Шэннон Бриггс ва пуэрто-риколик Фрес Окендо жанг қилишлари керак эди. Бироқ WBA Бриггсни допинг қабул қилгани учун ярим йилга четлатди. Бриггсдан Окендо билан жангдан олдин олинган допинг-намуна таҳлили унинг қонида тестостерон моддаси меъёридан кўплигини кўрсатган ва оқибатда жанг бекор қилинган.

Бунинг натижасида рейтингда 2-ўринни эгаллаган Устинов ушбу унвон учун мажбурий даъвогарга айланди. Россиялик Окендо билан учрашиши режалаштирилганди, бироқ WBA ушбу унвон учун курашиш ҳуқуқини рейтингнинг 4-ўрнида бўлган Чаррга тақдим қилди.

Ушбу нуфузли версияда охирги марта чемпион бўлган россиялик Александр Поветкин ҳисобланади.

Энди 40 ёшли Устинов ҳисобида 34 та ғалаба ва 2 та мағлубият бор. 33 ёшли Чарр эса 31 та ғалабага ва 4 та мағлубиятга эга. WBA версиясида суперчемпион унвони британиялик Энтони Жошуага тегишли.

Айни вақтда 5 нафар россиялик боксчи нуфузли версиялар бўйича чемпионлик унвонига эгалар: Сергей Липинец (IBF, 63,5 кг гача), Дмитрий Бивол (WBA, 79,38 кг гача), Артур Бетербиев (IBF, 79,38 кг гача), Денис Лебедев (WBA, 90,71 кг гача) ва Мурат Гассиев (IBF, 90,71 кг гача).