Андижон шаҳридаги мактаблар, коллежлар ва академик лицейлар раҳбарларини сўкиб ҳақоратлагани, аёл директорларни таҳқирлаб ерга урган Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг қилиғи бутун интернет тармоғини ларзага солди.

Таълим тизимини вакилларини «ҳайвон»дан олиб, «ифлос»га солган бундай амалдорларга қонунларимизда қандай чоралар назарда тутилган? KUN.UZ ушбу ҳолатга ҳуқуқий жиҳатдан баҳо бериш учун эксперт — юрист Сардор Оллобергановга мурожаат қилди. Қуйидаги ана шу ҳуқуқий таҳлил эътиборингизга ҳавола этилади.

Ҳоким директорларни ҳақорат қилишга ҳақлими?

Бу саволга «йўқ» деб жавоб беришга ҳам тил бормайди. Ҳоким лавозимидаги инсон Конституция ва қонунларни менсимаслиги мумкин дегани эмас. Жаноб Раҳматуллаев ўзининг «жимжимадор» нутқида директор ва ўқитувчиларга «тупургани»ни кўп марта таъкидлаганини ҳисобга олсак, аслида у Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қатъий белгиланган қонунларига ва Президент олиб бораётган бугунги сиёсатга ҳам тупургани яққол кўриниб турибди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган. Бундай қоидаларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Мавзуга оид: Яна директорлар ҳақоратланди. Бу сафар Андижон

Жаноб Раҳматуллаев янги сўкиниш ва ҳақоратларни ўйлагунча, қонунларни варақлаб кўрса, яхши бўларди.

Ҳокимни нима кутяпти?

Ишдан бўшаши мумкин. Ўз мансаб ваколатидан четга чиққани ва ишни тўғри ташкил эта олмаганлиги учун ҳоким лавозимидан озод этилиши мумкин. Шунингдек, мазкур воқеа муҳокамаси интернетда ҳали бери тинмаслиги ҳисобга олинса, ҳоким ишдан олинишига жамоатчилик босими ҳам ўз кучини кўрсатиши мумкин.

Қонуний томонига келсак, Конституциямизнинг 93-моддаси 15-бандида Конституцияни, қонунларни бузган ёки ўз шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Шунингдек, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга биноан, Андижон вилоят ҳокими ёки Андижон шаҳар халқ депутатлари Кенгаши Д.Раҳматуллаевни лавозимидан озод этиши мумкин.

Маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ҳоким Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига биноан, ҳақорат қилгани, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситгани учун энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Шунингдек, ҳокимнинг гап-сўзидан кўриниб турибдики, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларга пахта йиғим-терими учун теримчи ёллаш мажбуриятини юклагани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига биноан, яъни меҳнатга бирор бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлиги учун энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Жумладан, Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин. Фақат бунинг учун ҳокимнинг ушбу хатти-ҳаракатлари фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказгани исботланиши лозим.

Бундай ҳолатда ҳокимга энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланиши мумкин.

Интизомий жазо билан чекланилиши ҳам мумкин. Ҳокимнинг ушбу ҳаракатлари юқоридаги каби жазоларни қўллаш учун етарли эмас деб топилса, унда унга нисбатан ҳайфсан ёки ойлик иш ҳақидан 50 фоизгача бўлган миқдорда жарима интизомий жазоларини қўллаш билан чекланилиши ҳам мумкин.

Ҳеч нарса бўлмаслиги ҳам мумкин. Изоҳ йўқ.

Лекин бир жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, худди шу каби хулосани мактаб директорларини урган Сайхунобод ҳокимининг ҳаракатлари бўйича ҳам маълум қилган эдик. Кейинчалик Прокуратура туман ҳокими билан боғлиқ вазиятни текширишни бошлагани маълум қилинди, Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев эса ўқитувчилардан узр сўради, ҳокимнинг иши эса пахта терими мавсумидан кейин кўриб чиқилиши, унинг ишда қолиши масаласи тақдири юқоридан келадиган кўрсатмага боғлиқлиги маълум қилинди.

Пахта мавсуми охирлаган бўлишига қарамасдан бугунги кунгача мазкур ҳокимга бирор чора кўрилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Ҳокимга чора кўриш учун ҳақоратланганларнинг аризаси шартми?

Бу ҳокимга нисбатан қандай чора кўрилишига боғлиқ. Масалан, ҳокимни ҳақорат қилганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортиш учун ҳақоратланганларнинг аризаси зарур бўлади.

Қолган барча ҳолларда ариза шарт эмас. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Жиноят-процессуал кодексининг 327-моддасига биноан, оммавий ахборот воситалари берган хабарлар асосида жиноят ишини қўзғатиши мумкин. Бунинг учун албатта жабрланувчиларнинг аризаси талаб этилмайди.

Мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ вазиятда давлат меҳнат ҳуқуқи инспекторлари бемалол МЖтК 51-модда бўйича ҳокимни жавобгарликка тортиши мумкин.

Прокуратура органлари бемалол ҳокимнинг мансабдорлик билан боғлиқ жиноятларга оид хатти-ҳаракатларини текширишлари мумкин.

Ҳаттоки жабрланувчилар ҳокимга қарам бўлгани туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларни инобатга олиб прокурор жабрланувчининг шикоятисиз ҳам уларни ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг чораларини кўриш лозим.

Боз устига, ҳокимнинг топшириғи билан Андижон шаҳридаги Мажбурий ижро бюроси, электр тармоқлари корхонаси вакиллари, солиқ ва молиячилар директорларга шахсий адоват туфайли қасддан турли важлар билан ноҳақ иш қўзғаши, уйидаги газ, электрни сабабсиз ўчириб кетиши, сунъий хатоларни қидириб, уларни жавобгарликка тортиши билан боғлиқ вазиятларга йўл қўймаслик бўйича ҳам аниқ чоралар кўрилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Йўқса, охир-оқибат томдан йиқилган ўғри қолиб, шу томни ясаган уста қатл қилиниб кетмаса бўлди...