Ўрта Ер денгизида африкалик муҳожирларга акулалар ҳужум қилиши оқибатида 31 киши ҳалок бўлди ва 40 киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда The Daily Mail Ливия ҳарбий-денгиз кучларидаги манбасига асосланиб хабар тарқатган.

Ушбу ҳодиса 25 ноябрь куни Ливия қирғоқларидан узоқ бўлмаган ҳудудда содир бўлган. Сомали, Гана, Нигерия ва Эфиопиядан бўлган 200 нафардан ортиқ муҳожир Ўрта Ер денгизини икки қайиқда кечиб ўтиб, Италияга етиб олмоқчи эди. Лекин қайиқлардан бири чўка бошлаган, шу вақтда ҳудудда акулалар пайдо бўлган.

Воқеа жойига Ливия соҳил қўриқчилари хизмати етиб келган. Улар сувда «ўнлаб» жасадларни топишган, ҳудудда 4-5 акула сузиб юрганди. Жасадларда акулаларнинг тишлари излари кўриниб турган.

Қутқарувчилар 5 соат давомида бедарак кетганларни излаши бефойда бўлди. Иккинчи қайиқдаги 140 киши Триполидаги ҳарбий базага қайтарилган.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, 2017 йилнинг январидан июлига қадар Ўрта Ер денгизи орқали Европага турли мамлакатлардан 103 минг мигрант сузиб ўтган. 2,3 минг киши денгизда ҳалок бўлган.