Инсон ҳаёти деганда бир текис давом этмайдиган йўл, ғам-қайғу ва қувончу шодлик ёнма ён келадиган манзара кўз олдимизда намоён бўлади. Умр йўлимизда яшаб ўтар эканмиз, бу ҳолатларга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлиб бораверамиз. KUN.UZ таҳририятига келиб тушган навбатдаги мурожаат кишини мушоҳадага чорлайди. Яна бир инсон тақдири ҳақида тафаккур юритишга ундайди. 

2003 йилнинг 25 августида дунёга келган тўнғич фарзанд Исмоиловлар оиласига чексиз қувонч олиб келган эди. Бугун эса бутун оила мана тўрт йилдирки, тўшакда ҳаётга умид билан мўлтираб турган қора кўзнинг дарди билан курашади.

Отаси Акмал аканинг айтишича, 2014 йил май ойларининг сўнггида Жаҳонгирнинг соғлиғи тўсатдан ёмонлашиб қолган. Такрор ва такрор текширувлар натижасида болага оққон касалининг Т2 - иммунофенотипи ташхиси қўйилган. Дастлабки даво муоложаларини июнь ойидаёқ Тошкент Гематология ва қон қуйиш шифохонасида олиб боришган. Бу ерда болага тўрт ой мобайнида икки марта кимётерапия муолажалари ўтказилган.

Бўлган воқеалар ҳақида ота шундай ҳикоя қилади:

“Таниш-билишларнинг маслаҳати билан даволашни давом эттириш учун боламни Москвадаги Дмитрий Рогачев номидаги болалар гематологияси, онкология ва иммунология илмий-амалий марказига олиб кетдик. Тўрт ой мобайнида кимётерапия муолажалари қилинди. Курслар тугагач, 2015 йилда Тошкентга қайтдик ва вақти-вақти билан Москвага бориб шифокор кўригидан ўтиб турдик. Сўнгги таҳлилнинг ижобий натижалари бизни жуда қувонтирган эди. Шифокорнинг кўрсатмаси билан даволаниш курслари бутунлай тўхтатилди. Афсуски қувончимиз узоқ чўзилмади.  2016 йилнинг ноябрь ойида касаллик яна қайталади. Боламнинг жажжи жуссасига ўрнашиб олган оғир дарднинг оғир азобига жим қараб туролмадим. Текширитириш учун уни яна Москвага олиб бордим. Илик кўчириш операцияси (трансплантация) қилиниши керак экан. Бироқ бизда операция учун айтилган (220. 000 доллар) маблағ бўлмагани учун Тошкентга қайтишга мажбур бўлдик.

Уй-жой, автомобилимни сотиб, топган тутганим, қариндош-уруғларнинг атаганларини олиб, 2017 йилнинг январь ойида трансплантация учун Москвага эмас Ҳиндистонга бордик. Чунки Москвага нисбатан арзон эди. У ерда 4 курс кимётерапия олинди ва илик кўчириш операцияси (трансплантация) ўтказилди.

Бу амалиёт ўтказилгани ҳақида ҳиндистонлик шифокор Гаурав Кхарянинг хулосалари келтирилган.

Операциядан сўнг бир ярим ой аҳволи яхши бўлди. Кейин яна оғирлашди. Чорасиз ортга қайтдик. 15 кун Тошкент Гематология ва қон қуйиш шифохонасининг болалар бўлими дори-дармон билан қарашди. Кўриб турганингиздек ҳозир уйда. Фарзандимнинг соғлиғи учун бор топганимни аямадим. Аямайман ҳам. Сузиш бўйича чемпион бўлишни орзу қилиб, чопқиллаб юрган Жаҳонгиримнинг бундай ётишига қараб туролмайман”. 

Маълумотларга кўра, Жаҳонгир тезроқ Исроил давлатига даволаниш учун бориши зарур. Бунинг учун тахминан  камида 640 000 000 сўм харажат керак бўлади.

Саховатпеша, ўзи демай боласига берган халқмиз. Ҳаётини савоб қилишдек эзгу амалларга бағишлаган  ҳамюртларимиз, зора сизнинг ёрдамингиз билан  болакай соғайиб фарзандларимиз сафи кўпайиб юрса.

Бу касаллик илмий тилда ўткир лимфообластный лейкоз, Т2-иммунофенотип дейилади. Бу касаллик, афсуски, болаларда кўп учрайди. Бизнинг шароитда ҳам кимётерапия муолажалари ўтказилади. Беморларнинг 60-70 фоизи шифо топган. Бироқ бизда  трансплантация ўтказилмайди. Бу амалиётни ўтказиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Илик кўчириш операцияси жуда оғир жараён. Бунда одамнинг қон гуруҳлари ўзгариб кетади. Айниқса, иккиламчи трансплантацияни кўтариш осон эмас. Бу Тошкент Гемотология ва қон қуйиш шифохонаси болалар бўлими бош шифокори Наргиза Бобоназарованинг фикрлари эди. 

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун керакли маълумотлар: 

Пластик карта орқали: (Click, Payme) Ismatov Akmal G’ofurjonovich
Агробанк – 8600 0417 1175 2643 
Телефон рақами: (+99898) 117 01 02
                                 (+99890) 989 30 00

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш