Хабарингиз бор KUN.UZ сайти орқали жорий йилнинг август ойида “Россиядаги юртдошларимиз диққатига: 9 ёшли Жаҳонгир саховатпеша инсонлар кўмагига интизор” мақоласи эълон қилинган эди. Ушбу мақолада ўз амакиси томонидан ўққа тутилган ва бунинг оқибатида 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолган 9 яшар Жаҳонгир деган бола тақдири ҳақда сўз боради. Жаҳонгирнинг саломатлигини тиклаш ва уни соғлом ҳаётга қайтаришни мақсад қилган ҳолда хайрия акцияси ташкиллаштирилди. Хўш, айни дамда Жаҳонгирнинг саломатлиги қай даражада? Ижобий ўзгаришлар борми? Биз буларни билиш мақсадида Жаҳонгирнинг бувиси Хуснида Гиязова билан суҳбатлашдик.

- Ушбу хайрия акцияси ўтказилганидан то шу кунгача жами 230 минг рубль йиғилди. Шундан юз минг юз рубли набирамнинг харажатлари учун сарфланди, - деб ҳикоя қилади Хуснида Гиясова. – Бошида бизга ДЦП (болалар церебрал фалажи) ташхиси қўйилган эди. Аммо бу нотўғри ташхис экан. Негаки боланинг сезги органлари яхши ишлаётгани маълум бўлди. Ҳозир Жаҳонгирнинг саломатлиги анча яхшиланган. Россияга келганимизда унинг вазни 19 килограмм эди. Ҳозир эса 30 кг.га етган. 

Маълумотларга кўра, Жаҳонгир шу кунга қадар 12 та операцияни бошдан ўтказган. Айни дамда у яна жарроҳлик операциясини бошидан кечириши керак. Бу ҳақда унинг бувиси шундай дейди: 

“Сўнгги, энг охирги операцияда унинг умуртқа поғонасининг пастки қисмига қўшимча махсус дисклар ўрнатилиши керак. Ана шунда Жаҳонгир оёққа туради. Хуллас набирам яна иккита операцияни бошидан ўтказиши керак бўлади. Жаҳонгирнинг реабелитацияси, иккита операцияси барчасига 657 минг рубль маблағ талаб этиляпти. Аммо мен ёлғиз бошим билан, мана шу бегона юртларда юриб, бунча маблағ жамғаришга қурбим етмаяпти. Қўлимдан келган барча ишларни қилдим. Шу набирам учун боримни беришга тайёрман. Шу пайтгача менга яхшилик қўлини чўзган одамлардан бутун умр миннатдорман. Биз ўзбеклармиз, бир-биримизни оғир пайтларда ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаймиз. Россияда, оиламни боқай деб ишлагани келган, шу билан бирга бизга имкон қадар кўмак берган ватандошларимдан мингдан минг розиман. Мен улар билан фахрланаман. Ҳар доим қўнғироқ қилишади. Жаҳонгирнинг саломатлиги ҳақда сўрашади. Қурби етганлар моддий ёрдам кўрсатишади. Мен улар ҳақида доим дуодаман”.

Хуснида опанинг айтишича, юқорида айтилган операция янги йилгача, узоғи билан янги йилдан кейин амалга оширилиши керак. Бунинг учун эслатиб ўтганимиздек, 657 минг рубль маблағ талаб этилади.

“Бошимизга мана шундай мусибат тушгач, менга айтишди: набирангизни болалар уйига беринг деб. Аммо мен рози бўлмадим. Сабр қилдим, охиригача курашаман дедим. Инсон ҳаёти бир текис давом этмайди. Менга ўхшаб бошига мусибат тушганларга, яқинлари оғир ҳолатда қолганларга айтмоқчи бўлганим: сабр қилинг, яхшилар мурувватига ишонинг ва асосийси Аллоҳдан умидингизни узманг”.

Азизлар, Жаҳонгирнинг соғлом ҳаётга қайтишига бир қадам қолди. Унга яна бир бор ёрдам қўлини чўзайлик. Барчаси яхшиликка. Энг муҳими бу хайрли амалимизни Яратган Эгам кўриб, билиб, ҳисобга олиб бормоқда.

Жаҳонгирга ёрдам бермоқчи бўлган яхшилар учун қўшимча маълумотлар:

Агробанк - ҳисоб рақами: 8600 0417 1153 2524 (Payme | Click)

Россиядаги саховатпеша юртдошларимиз учун:

СберБанк - ҳисоб рақами: 4276 5500 6008 0630

Хуснида Гиязова билан боғланиш учун рақам: +79219292445

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш