Жиззахда Мирзачўл қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг учинчи босқич ўқувчилари Мирзачўл агроиқдисодиёт касб-ҳунар коллежида ўқийдиган тенгдошларини калтаклашди. Мирзачўл туманидаги 13-мусиқа ва санъат мактабида ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича сайёр очиқ суд мажлиси ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Судда кўрилган “ҳеч бир сабабсиз” жанжалнинг сабаби аслида бундай бўлган: жорий йил 20 сентябрь куни Мирзачўл қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг учинчи босқич ўқувчилари Дилшод Турсунбоев, Бекжон Хўжааҳмедов, Наим Хонкелов, Келдиёр Исломов ва Отабек Сулаймонов Мирзачўл агроиқдисодиёт касб-ҳунар коллежида ўқийдиган тенгдошлари Бобир Азизов ва Бекзод Неъматов билан “ҳисоб-китоб” қилиб қўйиш учун уларнинг йўлини тўсади. Жанжалда, албатта, кўпчилик томон озчиликни калтаклади. Жанжал кўпчилик озчиликни уйигача калтаклаб "етказиб" қўйиши билан якунланди. 

Натижада агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Бекзод Неъматов шифохонага тушди, Мирзачўл қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг беш нафар ўқувчиси маъмурий жавобгарликка тортилди. 

Ачинарлиси, ўқувчилар ўртасидаги ихтилоф гарчи анчадан буён давом этаётган бўлса-да, муштлашувгача бу ҳолга на ота-она, на маҳалла ва на билим юрти маъмурияти эътибор берди. Бефарқликнинг оқибати ўқувчилардан бирининг тан жароҳати олгани, беш нафарининг устидан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши қўзғатилганидан сўнггина жамоатчилик эътиборини тортди.