Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Сооронбай Жээнбеков ТАСС агентлигига берган интервьюсида мамлакатнинг асосий иттифоқчилари ҳақида гапирди.

У дунёда йилдан йилга вазият оғирлашиб бораётганини қайд этган. У буни иқтисодиётдаги турғунлик, халқаро терроризм ва диний экстремизмнинг фаоллашуви билан изоҳлаган. Унинг сўзларига кўра, глобаллашувнинг кучайиши ва интеграция жараёнлари тезлашуви давлатлараро муносабатларда ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

«Бу борада Қирғизистон кўп томонлама ҳамкорлик юритиш тарафдори. Биз МДҲ, ШҲТ, КХҲТ, ЕИИ каби ташкилотлар доирасида ҳамда икки томонлама муносабатларда ҳамкорликни кенгайтириб борамиз», — деган Сооронбай Жээнбеков.

«Агар аниқ айтадиган бўлсам, биз Россия билан - Қирғизистоннинг асосий стратегик иттифоқчиси билан алоқаларни чуқурлаштирмоқчимиз. Шунингдек, Хитой ҳам муҳим стратегик ва савдо-иқтисодий ҳамкор бўлиб қолади.

Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари билан яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашимиз керак. Албатта, биз европалик ҳамкорларимиз билан алоқаларни ривожлантиришни давом эттирамиз», — деган у.