Япониянинг Акита префектураси Ога шаҳри яқинидаги қирғоқдан ичида саккиз кишининг жасади қолдиқлари бўлган ёғоч қайиқ топилди. Бу ҳақда РИА «Новости» маҳаллий соҳилни қўриқлаш хизматига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Таъкидланишича, баъзи жасадлардан фақат суяклар қолган. Айни дамда полиция кема ва одамларнинг жасади қолдиқлари кимга тегишли эканини аниқлашга уринмоқда.

Соҳилни қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, Япония қирғоқларига вақти-вақти билан Шимолий Кореянинг ёғоч қайиқлари чиқиб қолади, бироқ юқоридаги кема ва ундаги жасадлар қолдиқлари қаердан келиб қолгани ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ. Қайиқнинг ўзида эса ҳеч қандай белги бўлмаган.