Американинг Ҳавайи оролларида ядро зарбасидан огоҳлантирувчи овозли ҳалокат ишораси чалинади. Совуқ уруш даври тугаганидан кейинги илк маротаба ўтказилаётган ўқув машғулоти декабрь ойи бошида бўлиб ўтади. NBC телеканали хабарига кўра, ушбу чора АҚШ ва КХДР ўртасидаги муносабатлар ўта кескинлашган бир вақтда ташкиллаштирилмоқда. 

ОАВнинг қайд этишича, 1 декабрдан бошлаб, Ҳавайи оролларида ҳар ой сирена чалинади. У аҳолини архипелагга ядро зарбаси берилиши эҳтимолидан огоҳлантиради. Овозли ишора цунами ёки довуллар таҳдидига доир эълондан сўнг чалинади. У кўникма ва малака ҳосил қилиш учун ҳар ой чалинади. 

Телеканал Ҳавайи штатининг фавқулодда ҳолатлар агентлиги раҳбари Верна Миягининг сўзларини келтиради. Унинг айтишича, бу чоралар ракета ва ядро дастурларини фаол равишда ривожлантираётган КХДР томонидан таҳдид борлиги сабабли ўтказилмоқда. Пхеньяннинг Ҳавайига зарба бериш эҳтимоли жуда кам, аммо у мавжуд. 

NBC телеканалига кўра, 1,4 млн аҳоли истиқомат қиладиган архипелагда одамларни эҳтимолий ядро зарбасига тайёрлаш бўйича тренинглар ўтказилмоқда. Хусусан, аҳолига шундай ҳолат учун режа тузиб қўйиш тавсия этилмоқда. Жумладан, кишиларга бетонли бинога яшириниш ва камида 48 соатга кифоя қиладиган озиқ-овқат ва сувга эга бўлиш маслаҳат берилмоқда.

Расмийларга кўра, КХДРдан учирилган ракета Ҳавайига 20 дақиқада етиб келади. АҚШ ҳукумати ракета йўналишини аниқлашига 5 дақиқа талаб этиладиган бўлса, Ҳавайи аҳолисини огоҳлантириш учун 12-15 дақиқа вақт қолади.