27 ноябрь куни эрталаб соат 08:40да Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги «Риштон босмахонаси» корхонасида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Вилоят ФВБ маълумотларига кўра, ушбу ҳодисага газ воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани сабаб бўлган.

Натижада 1 киши ўрта даражадаги (15 фоиз) куйиш билан жароҳатланган. Шунингдек, чақнаш тўлқини зарбаси натижасида «Риштон босмахонаси» МЧЖ биносининг яқинида жойлашган 1-сонли умумтаълим мактабининг 3 нафар ўқувчиси енгил тан жароҳати олишган.

Жабрланганларнинг бири туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган. Биринчи ёрдам кўрсатилгандан сўнг, мактаб ўқувчилари уйига жўнатилган.

Содир бўлган воқеа юзасидан Риштон тумани прокуратураси, ички ишлар ва ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

ФВВ фуқароларни газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақирди.