“Формула-1” ташкилотчилари пойганинг янги логотипини тақдим қилишди. Аввалги логотип 1993 йилдан жорий йилгача қўлланиб келинганди. 24 йил ичидаги илк янги рамз кейинги мавсумдан қўллана бошланади.

Логотип Абу-Дабида ўтган жорий мавсумдаги охирги босқичдан кейин намойиш қилинди. Ушбу логотип пойга тарихидаги тўртинчисидир. Биринчи логотип 1950 йилдан 1986 йилгача, иккинчиси эса 1987 йилдан 1993 йилгача қўлланган.

2017 йил бошида пойганинг раҳбарияти ўзгарди. Чемпионатга унинг кўп йиллик раҳбари Берни Экклстоун ўрнига Чейз Кэрри раҳбарлик қила бошлади. Кэррини раҳбар этиб пойганинг янги эгаси – АҚШнинг Libery Media корпорацияси тайинлаган. Кэррига Шон Братчес (ESPN вице-президенти) ҳамда Benetton, Ferrari ва Brawn GP жамоаларининг собиқ техник президенти Росс Браун кўмаклашади.

2021 йилдан пойганинг болидлар моторларига қўйиладиган қоидалари ўзгартирилади. Болидларнинг гибрид моторлари соддароқ, товуши баландроқ ва арзонроқ бўлади. Бўлғуси қоидалар ҳамма жамоалар томондан ҳам ижобий қабул қилинмади. Мисол учун, янги моторларга ўтишни Renault ва Mercedes жамоалари танқид қилган.