Индонезия ҳукумати Бали оролида жойлашган Агунг вулқони фаоллашгани сабабли 27 ноябрда 4 балли шкала бўйича хавфлиликнинг максимал даражасини ўрнатди. Бу ҳақда табиий фожиалар олдини олиш агентлиги фейсбукда маълум қилди.

Шу сабабли вулқонга 8 кмдан, баъзи жойларда эса 10 кмдан яқинроққа бориш тақиқланади. Таъкидланишича, вулқон кули устуни 2 км дан 3,4 кмгача кўтарилган. Бундан ташқари, вулқоннинг фаоллиги кучли отилиш бўлиши эҳтимоли катталигидан дарак беради.

Табиий фожиа юз бериш хавфи сабабли бир қатор авиакомпаниялар Балига парвозларни тўхтатишган, бу эса ўнлаб рейсларнинг бекор қилинишига олиб келган.

Ушбу вулқон охирги марта 1963 йилда отилган. Ўшанда бунинг оқибатида 1,5 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган, 100 мингга яқин одам бошпанасиз қолган. 18 минг оролдан ташкил топган, дунёдаги энг йирик Индонезия архипелаги Тинч океани Оловли ҳалқасида жойлашган ва шу сабабли бу ерда тектоник ҳодисалар кунига 5-6 марта юз беради. Бу ерда 500 дан кўпроқ вулқон бўлиб, улардан 127 таси фаол ҳисобланади.