Тель-Авив суди UberDAY ва UberNIGHT такси хизматларига Исроил ҳудудида ишлашни тақиқлади. Jerusalem Post нашри маълумотларига кўра, тақиқлов 28 ноябрдан, Haaretz нашри маълумотларига кўра эса 29 ноябрдан кучга киради.

Uber’га қарши судга даъво аризасини Исроил транспорт вазирлиги берган. Вазирлик вакиллари Uber’нинг бир қисм хизматлари лицензияси ва суғуртаси бўлмаган ҳайдовчилар томондан тақдим қилинишидан аччиқланишган.

Исроил Uber‘нинг асосий рақобатчиларидан бири Gett’нинг асосий бозори ҳисобланади. Gett бош қароргоҳи Тель-Авивда жойлашган. Haaretz маълумотларига кўра, Gett ҳисобига Исроилдаги барча таксига буюртмаларнинг 28 фоизи, яъни йилига 20 млн чақирув тўғри келади. 

Аввалроқ Uber хизмати Францияда ноқонуний ва ноҳалол рақобат, Италияда ҳайдовчиларда лицензия, Лондонда эса корпоратив масъулият йўқлиги сабабли тақиқланганди.