Грузия давлат хавфсизлик хизмати Тбилисидаги махсус амалиёт давомида Истанбул аэропортидаги портлашлар ташкилотчиси сифатида гумонланган Аҳмад Чатаев йўқ қилинган бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти. Бу ҳақда Грузия Online нашри махсус хизмат раҳбари Вахтанг Гомелаурига таянган ҳолда хабар бермоқда.

«Бу ўша одам бўлгани борасида гумон бор, бироқ бу Чатаев экани ёки у эмаслигига оид аниқ жавоб ДНК-таҳлили, экспертизадан сўнг маълум бўлади», - дея айтиб ўтди Гомелаури.

Унинг сўзларига кўра, давлат хавфсизлиги хизмати «йирик кўламли тадбир» режалаштирилгани ҳақидаги маълумотга эга бўлган. «Афтидан, биз унинг олдини олдик», - дея маълум қилди махсус хизмат раҳбари. Гомелаурининг таъкидлашича, иш бўйича тергов ишларида АҚШдан келган мутахассислар ҳам иштирок этмоқда.

Истанбул аэропортида теракт 2016 йилнинг 28 июнида юз берган. Жангарилар йўловчиларни автоматлардан ўққа тутишган ҳамда портловчи қурилмаларни ҳаракатга келтиришган. Ҳужум оқибатида 43 инсон ҳалок бўлган.