Қозоғистонда Ўзбекистон фуқаросига нисбатан очилган жиноий иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Манғистау вилоятининг жиноий ишлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди раиси Озод Избосаров айтиб ўтган, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.

Иш материалларига кўра, Жазаозен яқинидаги Қизилсой қишлоғидаги қишлоқ хўжалик майдонида бригадир қўли остидаги ходимдан ишни бажаришни талаб қилган. У бош тортган. Бригадир ишчини ҳақорат қилиб, оёғи билан зарба бера бошлаган. Кейинчалик эса уни ҳайдаб юборган.

Ишчи тунни ўтказиш учун вагончага кириб кетган. Бригадир бу ерга ҳам келиб, эркакни ҳақорат қилишда давом этади. Шундан сўнг жанжал бошланган. Ишчи қўлига пичоқ олиб, бригадирнинг юрагига бир неча марта тиқиб олган. У олинган жароҳатлар туфайли ҳодиса жойида вафот этди.

Суд ҳукми билан Ўзбекистон фуқароси Қозоғистон ЖКнинг 99-моддаси 1-қисми (Қотиллик) бўйича айбдор деб топилди. У тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилинди. Таъкидланишича, ўлдирилган шахс ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлган.