Москва вилоятида ишловчи меҳнат мигрантлари 2018 йилнинг январидан бошлаб патент учун 300 рублга қимматроқ тўлайди. Меҳнат патенти нархи ҳозирги ойига 4000 Россия рублидан 4300 рублга қадар ошади. Йиллик патентлар бўйича ишловчи хорижликлар ҳозирги 48 минг рублнинг ўрнига 51,6 минг рубль тўлаши лозим бўлади.

Москва вилоятининг «2018 йилга Москва вилояти меҳнат бозорининг минтақавий ўзига хос жиҳатларини акс эттирувчи коэффициентни ўрнатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Москва вилояти думаси депутатлари томонидан 22 ноябрь куни кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Қонун лойиҳаси изоҳида таъкидланишича, хорижий фуқаролар учун патент қиймати Москва вилоятида 2015 йилдан бери ўзгаришсиз қолаётганди ҳамда 4000 рублни ташкил қилган.

Шу билан бирга, Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги прогнозига кўра, 2018 йилда истеъмол нархлари ўсиши 2015 йил билан таққослаганда 15,7 фоизни ташкил этади.

Қонун 2018 йилда 2,12535 миқдорида минтақавий коэффициент ўрнатишни назарда тутади, ҳамда патентнинг нархи ойига 4300 рублгача ошади.