Пашшалар аввал ўйланганидан ҳам кўпроқ инсон саломатлиги учун зарарли бактерияларни ташиши аниқланди. Пенсилвания штати университети, Наньян технология университети, Рио-де-Жанейро федерал университети ва яна 7 та илмий муассасалар вакилларидан иборат халқаро илмий гуруҳ шундай хулосага келмоқда. Тадқиқот ҳақида Scientific Reports журнали ёзмоқда

Олимлар Жанубий ва Шимолий Америка, Евросиё минтақасида ушланган116 турдаги гўшт ва хонаки пашшаларнинг микробиомларини таҳлил қилишди. Натижаларга кўра, энг кўп бактериялар ҳашаротларнинг оёқлари ва қанотларида аниқланган. 

Хона пашшалари кўпроқ хавфли экани ҳам аниқланган: улар 351 турдаги хавфли микроорганизмларни ташиши маълум бўлган. Гўшт пашшаларида бу рақам 316 тани ташкил этган. 

Шунга кўра, олимлар пашшалар аввал ўйланганидан ҳам кўпроқ касалликларнинг ташувчиси ҳисобланади, деган хулосага келишган. Хусусан, ушбу ҳашаротлар Helicobacter pylori бактериясининг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. У ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яллиғланиши, гастрит, дуоденит ва ҳатто ошозон саратонига сабаб бўлиши мумкин. 

Биологларнинг фикрича, фан учун пашшаларнинг жуда кўп миқдорда бактерияларни ташиши ижобий натижага ҳам эга. Бу эпидемиялар ҳақида маълумотлар тўплашда асқатади. 

"Айрим пашшалар экологик воситачилар сифатида фойдали ҳам бўлиши мумкин. Улар яқинда бўлган жойлари ҳақида ахборот беришади. Бу каби кўптармоқли ёндашув атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини кузатишда, шунингдек, суд тиббиётида қўл келади", — дейилади тадқиқотда.